Singillarim
2019
She'r
Quyoshga qarab oqqan suv
Ота уйда ўтар умр тушдайгина,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Бир кун учиб кетарсизлар қушдайгина,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Кўпга келган тўйда – кўнгил сўрамаймиз,
Ростми-ёлғон, йиғинингизга қарамаймиз.
Оға бўлиб ҳол сўрашга ярамаймиз,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Сиқилсангиз кўз ёш топган давлатингиз,
Бешик билан бўлар энди суҳбатингиз.
Қизил гулдай ўтиб кетар қиз пайтингиз,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Бахтли бўлинг. Сизсиз дилда ҳикмат қайда,
Аёл азиз бўлмас жойда иззат қайда.
Она яйраб яшамаса миллат қайда,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Ота уйда ўтар умр тушдайгина,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Бир кун учиб кетарсизлар қушдайгина,
Худо сизга сабр берсин, сингилларим.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish