Qora quyosh

2019 doston 291 satr

«Жондан азиз синглим Қумри! Мактубингга жавоб ёзаман. Шунинг учун ёзаманки, кечаси соат тўртда эслаб хат ёзганинг учун ёзаман, яна шунинг учунки, ёш қалбингни бахтсиз маҳбус учун эзиб, ширин уйқунгни бемаъни саргузаштим билан бузганим учун ёзаман. Кўнглингни паришон қилиб, уйқусиз тонг оттирганинг учун ёзаман... Хат ёзмаганимга сабаб умидсизлик эмас, аксинча умидим порлоқ ва юксак. Очиғини айтсам, аччиқ турмушнинг аламли азобидан куйловчи мактубим садоси билан сен каби меҳрибонларим кўнглини йиғлатишдан сақланиш мақсадида хат ёзишдан кечдим... Юракни тош қилиб бўлса-да унутишларизни сўрайман. Разил ҳаётга кўникиб қолганимда ширин турмушни эслатмасангиз эди. Мен учун тўккан кўз ёшларингизни эслар эканман, қалбим сиқилади, бахтсизлигим гавдаланиб кўз олдим қоронғулашади-да, туғилганимга қасам ичиб, бор дунёдан кечгим келади... Қумри, раҳминг келса яна қайта сўрайманки, мени эсдан чиқар, ортиқ мени қийнаб юрагимни эзма... Эҳтимол, тез кунда кўришармиз. 51-йилга ҳам кўп қолмади. Ўзини менга яқин тутган қариндош ва ёр-дўстларга олдинги хатимда охирги саломимни қўндирган эдим. Яна қайтаришга ўрин йўқ. Опангга айтгинки, мени илтимосимни унутмасин! Чор-ночор хайрлашиб қолувчи: Акмал» Боенгол. 22.XII.46. МУАЛЛИФДАН: Бу хатни мен тасодифан топиб олдим. Шу ҳолида, имлоларини тузатмай, сизга ҳавола этдим. Эҳтимол, бу мактуб Қумри исмли муштипар аёлга акасидан ёлғиз ёдгордир. Агар шундай бўлса, мен уни эгасига қайтараётганимдан ҳурсандман. — Умр нима, эй одам? — Умр йўлдир бир қулоч. — Армон нима, эй одам? — Армон ҳам бир эҳтиёж. — Омад нима, эй одам? — Айвондаги қалдирғоч. — Орзу нима, эй одам? — Бўлди, менинг қорним оч... — Ёлғон нима, эй одам? — Ёлғон — ўт ўсмас дала. — Ҳақ нимадир, эй одам? — Ҳақиқат — етим бола... — Севги нима, эй одам? — Севгига йўқ ҳафсала. — Бахт нимадир, эй одам? — Бахт — бир коса атала... Толкосада атала... — Толкоса нима, эй одам? — Толкоса ҳаёт, жўра. — Атала нима, эй одам? — Сталин бобонгдан сўра!.. * * * Соқовни қамашди, Соқов «душман»ни, Сиёсий саводсиз, Анқов душманни... Қамашди, Бир кунда, Пайсалга солмай. Айби аниқ эди, Айби маълум эди, У доҳий отини Тўғри айтолмай, Ҳамманинг олдида «Ишталин» деди! Соқчига мўлтирар Соқов, Қалтирар, Ўлдиришар энди, Уни ўлдирар. Қолди уй, Қолди — ғурбатхонаси. Ғурбатхонасида — Қари онаси. Яна бир зот кетди, Шундай қилиб — Соқовнинг бошига Етди ўз тили... Ўрмонда отишди, Қор эди қалин. Йиқилди. Ҳайқириб, Яшаш-шин Ишта-лин! Соқовни отишди, Анқовлиги учун. Тўғрироғи — Туғма Соқовлиги учун. Қирқ йил бўлди бунга. Эллик йил бўлди-ёв. Мана энди, Соқовнинг онаси — Ҳақиқий соқов!.. Соқов дудуқ эди Мундай олганда. Тиллашса бўларди Ўлмай қолганда. * * * «Сибирдаги саргардонлик йилларим бир ҳамюртим билан учрашиб қолдим. Йиғлаб кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Мен уни ҳам ўзимга ўхшаб беайб бадарға бўлганлардан бири эканлигини сезиб турсам ҳам сўрадим: — Сизни нега камадилар, биродар? — Сулаймон Азимовнинг «думи»сан, деб! — Кимнинг-кимнинг? — Айтдим-ку, Азимовнинг... Анчадан кейин бироз ўзимга келиб, секин бориб елкасидан қучдим: — Уни танийсизми? — Йўқ, кўрмаганман... — Унда келинг, танишволайлик, — дедим. — Менман ўша сиз айтган одам!..» Марказқўмнинг собиқ котиби Сулаймон Азимовнинг хотираларидан. * * * Ўттиз еттинчи йил кашфи сизга мана — Эркакларга алоҳида қамоқхона, Аёлларга алоҳида қамоқхона, Болаларга алоҳида қамоқхона... Ўттиз еттинчи йил кашфи булар бари — Кўринмасу даҳшат солиб шарпалари, Келса — яқин келмай, кетса — кетмай нари, Изғиб юрар Лаврентийнинг лайчалари. Бу ўлкада энди норғул йигитлар йўқ, Бойқушлар бор, калхатлар бор — бургутлар йўқ, Не-не Сулаймонлар, Абдулҳамидлар йўқ, Қайтармикин? Қайтмоғига умидлар йўқ... Бедарак йўқолди қанча одам, эсиз, Сўроқларда ўлди қанча одам, эсиз, Қийноқларда ўлди қанча одам, эсиз, Сиртмоқларда қолди қанча одам, эсиз... * * * ...Унинг учун қамоқхонада энг тансиқ нарса қоғоз эди. У ҳамма жойдан фақат қоғоз қидирарди. Бир дақиқа сайрга олиб чиқишса, деворлар тагида сарғайиб, ғижим бўлиб ётган бир парча қоғоз топиб олиб, боши осмонда, яна зах хонага қайтарди. Тергов пайтида ҳам илинжи шу. Овқат пайти ҳам. Ана шундай минг машаққатлар билан йиққан қоғозлари бир куни қўлёзмага айланди. Энди уни нима қилиб бўлса ҳам ташқарига, одамларга етказиш зарур эди. Лекин қандай қилиб? У турма бошлиғига мурожаат қилди. Мени қабул қилишингизни сўрайман, деб қайта-қайта сўрайверди. Ниҳоят бошлиқ зерикди. Қаҳратон қиш кунларининг бирида бошлиқ иссиқ печка олдида, оёқларини чалиштириб ўтириб, унинг арзини тинглади. — Сиздан ўтиниб сўрайман. Шу қўлёзмани одамлар ўқисин. Майли, кейинроқ, оқланиб кетсам ёки... — Бу ёққа бер, — деди бошлиқ ўрнидан турмай. Соддадил адиб, унга қўлёзмани узатди. Бошлиқ қўлёзмани олдию гуриллаб ёниб турган печканинг ичига отди... У яна ўша зах ва қоронғи хонада ўзига келди. «Бу аблаҳнинг олдига мени ким бошлаб борди? Оёқларимми? Мен уларни ҳозироқ кесиб ташлайман. Наҳот шунча хўрликларни кўриб ҳам кўзим очилмади! Наҳот, бу бошда зарра ақл бўлмаса! Наҳотки, у мени жаллоддан ёрдам сўраб боришга ундади! Ҳозир... Ҳозир!...» У даст ўрнидан туриб, югуриб бориб, зарб билан бошини деворга урди. Урди ва яна ураверди. Жони чикиб кетгунча ураверди!.. Ким эди бу адиб? Қодирийми?.. Чўлионми? Ёки Усмон Носирми?!. * * * Қисқагина умр кўриб, узоқ яшаб келаётган зотларга қаранг... Аҳмад Югнакий Тушимга киради Қодирий бобом, Бемадор, бемажол, беҳол, беором. Эгнига эски бир тўн кийиб олган, (Шинелдир балки у, кимдандир қолган). Ўша тўн эгнида похол ҳам бордай, Бобомнинг юзлари оқарган қордай. Йўқ, юзи сомонга ўхшайди унинг, Чарақлаб тургувчи кўзи тўла мунг... Тушимга киради Қодирий бобом: Тур дейди, мунча кўп ухладинг, болам. Боқ, бу дам айланиб жўхоризоринг, Ўроғин қайрайди онаизоринг. У ўриб бўлгунча ризқу зарингни, Ўйнатиб тур чиқиб, укаларингни. Ва менинг саломим айт, дер уларга — Бобосин соғинган мусичаларга... Тушимга киради Абдулло бобом. Оҳ олтин бобом-а, воҳ тилло бобом. Қаро ер қаърида қон йиғлаб қолган Акмал Икром бобом, Файзулло бобом! II Ўлган ўлди-кетди. Ҳеч ким қайтмайди. Нега? Нима учун? Бу ҳам муаммо. Тарих соқов кампир, Дардин айтмайди, Айтолмас, Унутиб ҳам бўлмас аммо. Мана, Қодирийни қилишар сўроқ: «Ўтган кунлар» деган шеър сизникими? — Ҳа. Аммо у шеър эмас... — Жим бўлинг, ахир. Шеърми ё бошқами, автори сиз-да. Тамом. Бошқа гапга қолмайди хожат. Терговчи — пайғамбар, Терговчи — худо. Темир зотдан келган буйруқ — ижозат, Ўзбек яна битта ўғлидан жудо. Айби шуки... Айби... Ким билсин буни, Балки, жуда ноёб истеъдодидир. Отишдимикин ё осишди уни? Балки, хукм ижрочиси жодидир. Жоди деганларин билишмас ёшлар, Билмагани маъқул бундан кейин ҳам. Жоди орасига тушганда бошлар Одам... Кўзимга ёш тўлар мана шу ерда. Қўйнимга тош тўлар мана шу ерда. Кўзимга тор бўлиб қолади олам, Оҳ, олтин бобом-а, воҳ тилло бобом... Ўтган кунинг қурсин, Абдулло бобом! * * * Ўй ёмон. Ўй ёмон қийнар одамни. Илондек юракни кемирар малъун. Урушдан чалажон қайтган отамнинг Қирқ йилки, тилидан тушмас Сталин... Ота, Қўйинг, дейман. Отажон, қўйинг. Умрингиз ўтмоқда кимга ишониб? Темир косов билан кўзимни ўйинг, Фақат бир илтимос, Гапирманг ўшани!.. Ер эса айланар, Юмуши мўл Ер. Оқар юзларидан Маржон-маржон тер... Ўйлайман, Заминда энг бахтиёр зот — Ёки академик, Ёки бесавод. Бири ўқиганин таҳлилин сўрмас, Бири ўқишга ҳам уриниб кўрмас... Ўй ёмон, ўй бу — жар, Бу жар қоронғу. «Қайт болам!..» Отамнинг сўзларимикин? Бу зулмат қаърида ёнган не ёғду, Файзулло бобомнинг кўзларимикин? «Сен нима биласан, Фарзанди нодон, Урушда юртингни асраб қолди ким?..» Ишонч қандай унвон, Ишонч қандай шон, Ул бузрукворимга нима ҳам дердим. Ўлган ўлди-кетди. Энди қайтмайди. Нега? Нима учун? Бу ҳам бир жумбоқ. Ота хатосини ўғил айтмайди, Айтолмас, Унутиб ҳам бўлмас бироқ... * * * Йиллар ҳам кўчманчи қалдирғочлардек, Келар, Кетаверар, Миқ этмай, беун. Дунёда мен ёлғиз сиғинган одам Элимдир маҳзун. Ўйлайман. Уфқлар ортидан бир кун, У аста бўйлару Кўз тушар кўзга: Бегуноҳ узлатга кетганлар учун Ким жавоб беради, ўртоқлар бизга?.. Мен нима дегандим, Нима дегандим, Неларни қилгандим у кун васият? Ҳурматли юртдошлар, Азиз бошингизга, Сталин — ўзингиз топган мусибат!.. Ўлган ўлди-кетди. Ҳеч ким қайтмайди. Нега, Нима учун, Бу энди жумбоқ. Тарих — соқов кампир, Дардин айтмайди, Айтолмас, Унутиб ҳам бўлмас аммо. * * * — Отанг қани, болам-ов? — Отам Сибирга кетган. — Онанг қани, болам-ов? — Онам ҳам бирга кетган... — Аканг қани, болам-ов? — У дунёда ухлайдир. — Уканг қани, болам-ов? — Кўкрак сўраб йиғлайдир... — Синглинг қани, болам-ов? — Синглим ётар чалажон. — Ўғлим бўлгин, болам-ов, — Нониз борми, онажон?! — Укамни не қиламиз? — Эчки сути берамиз. — Синглимни не қиламиз? — Тутмайиз териб берамиз... — Чолингиз қайда, энажон? — Чолим Сибирга кетган. — Ўғлингиз қайда, энажон? — Ўғлим ҳам бирга кетган. — Энажоним, энам-ов, Энди нима қиламиз? — Энанг ўлсин болам-ов, Бир кунимиз кўрамиз!.. * * * «Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб, нарсаларимни ол. Мадамин Давроннинг уйида пальтом бор. Иброҳим Назирникида этигим ҳам. Шуларни олиб келиб, менга киргизиб юбор. Кетадиганга ўхшайман...» Тошкент қамоқхонаси. 1937 йил. Усмон Носир. Ватан гар дилга жо бўлса, Не истар у бажо бўлса, Ким билсин, Ким билсин агар, Менинг жоним фидо бўлса, Тирик юргаймиди ҳозир, Усмон Носир, Усмон Носир.. Бахил бўйин эгмиш қачон, Оқилга кун тегмиш қачон? Ким билсин, Ким билсин агар. Ёмонга ҳам жазо бўлса, Тирик юргаймиди ҳозир, Усмон Носир, Усмон Носир. Ғаним ҳар кимда бор, ғаним, Ғанимда йўқ гапим маним. Ким билсин, Ким билсин агар, Дўсту ёрда вафо бўлса, Тирик юргаймиди ҳозир, Усмон Носир, Усмон Носир. Жонингдан айланай, юртим, Шоиринг кўп экан, кўрдим, Ким билсин, Ким билсин агар, Улардан бир садо бўлса, Тирик юргаймиди ҳозир, Усмон Носир, Усмон Носир.